"Волонтёр-қутқарувчи" мусобақасининг Республика босқичи бўлиб ўтди
2026-10-15 15:20:00 / Янгиликлар
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида илк бор фавқулодда вазиятлар волонтёрлари иштирокида "Волонтёр-қутқарувчи" мусобақасининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Унда, ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 14 та жамоалар ўзаро беллашди.
Мусобақа 5 та шарт савол-жавоб, биринчи ёрдам кўрсатиш, дор йўли ва чодир, кросс фит ҳамда эстафета шартлари асосида ташкил этилди.
Унда, иштирокчилар жисмоний тайёргарлик, жамоавий ҳамкорлик ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича ўз билим ҳамда кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Беллашувлар давомида улар жисмоний чаққонлик, тезкорлик, чидамлилик ва мувофиқлаштирилган ҳолда ҳаракат қилиш қобилиятларини намоён этдилар. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда тўғри қарор қабул қилиш, белгиланган хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳамда жамоа билан ҳамжиҳатликда ҳаракатланиш кўникмалари баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра:
I ўринни Тошкент шаҳар ФВББнинг фавқулодда вазиятлар волонтёрлари жамоаси;
II ўринни Қорақалпоғистон Республикаси ФВБнинг фавқулодда вазиятлар волонтёрлари жамоаси;
III ўринни Фарғона ва Бухоро вилоятлари ФВБларининг фавқулодда вазиятлар волонтёрлари жамоалари эгаллади.
Мазкур мусобақа аҳолини фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юзага келганда тўғри ва тезкор ҳаракат қилишга ўргатиш, волонтёрларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда қутқарув ишларида жамоавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, бундай тадбирлар волонтёрлар сафини кенгайтириш ва жамиятда хавфсизлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
