ФВВ масъул ходимлари томонидан Бухоро вилоятида жойлашган "Марказий деҳқон бозори"да тунги махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
2026-10-10 11:35:00 / Янгиликлар

Ўқув машқининг асосий мақсади бозор ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин содир бўлган тақдирда куч ва воситаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда тезкорлик ва самарадорликни оширишдан иборат бўлди.
Машқ давомида масъул хизматлар ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги, шахсий таркибнинг белгиланган вазифаларни бажаришга тайёргарлиги ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш кўникмалари амалий синовдан ўтказилди. Шунингдек, ёнғин содир бўлган ҳудудни қуршаб олиш, шартли ёнғин ўчоғини бартараф этиш, жабрланганларни қутқариш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатиш, фуқароларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш каби ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ёнғин-қутқарув техникалари ва махсус воситалардан самарали фойдаланиш, масъул ходимлар ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланди.
Ўқув машқи якунида иштирокчиларнинг ҳаракатлари таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавжуд тайёргарлик даражасини янада ошириш ва бозорларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.









