Навоий шаҳридаги бозорларда ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди
2026-10-10 10:15:00 / Янгиликлар
Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари полковник Н.Кадиров бошчилигида Навоий шаҳрида жойлашган “Навоий савдо комплекс” АЖга қарашли кийим-кечак ва буюм бозори, “Саҳоват бозори” МЧЖга қарашли марказий деҳқон бозори ҳамда “Дарҳон тараққиёт” МЧЖга қарашли қурилиш моллари бозорида ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди.

Ўрганишлар давомида бозорларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, кириш-чиқиш йўлларининг очиқлиги, эвакуация йўлакларининг ҳолати, ёнғин ўчириш воситалари ва сув манбаларининг мавжудлиги ҳамда улардан фойдаланишга тайёрлиги кўздан кечирилди.
Шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда фуқароларни хавфсиз эвакуация қилиш, ёнғин тарқалишининг олдини олиш ва тезкор ҳаракатланиш учун зарур шароитлар яратилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда бозорларда хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.




