Бухоро вилоятида ФВВ фахрийлари иштирокида қатор маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди
2026-09-26 14:20:00 / Янгиликлар

Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигида Бухоро вилоятида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими фахрийлари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирларда "Уч авлод учрашуви" ҳамда тарихий ва маданий обидаларга саёҳатлар ташкил этилди. Уюштирилган ташрифлар иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Шунингдек, фахрийлар ва ёшларни бир давра атрофида жамлаган самимий суҳбатлар, очиқ дастурхон атрофидаги дилдан мулоқотлар авлодлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Зеро, бундай учрашувлар нафақат бой тарихимиз ва миллий қадриятларимизни чуқур англаш, балки кўп йиллик хизмат тажрибасига эга фахрийлар ҳаёт йўлидан ибрат олиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва касбга муҳаббат туйғуларини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.








