Бухорода “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ФВВ фахрийлари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда
2026-09-25 14:25:00 / Янгиликлар

Тадбирларда Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган тизим фахрийлари, ёш ҳарбий хизматчилар ҳамда ёш фавқулодда вазиятлар волонтёрлари иштирок этмоқда.
Дастлаб, фахрийлар Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ташриф буюриб, қутқарувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий техника ва жиҳозлар, шунингдек, ходимларнинг кундалик хизмат фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг, “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Самимий мулоқот ва мазмунли суҳбатлар руҳида ўтган учрашувда соҳанинг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, босиб ўтилган машаққатли йўл, эришилган ютуқ ва марралар, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда истиқболдаги вазифалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Учрашув давомида ҳаётий тажриба ва ибратли хотиралар ёш авлод билан ўртоқлашилиб, авлодлар ўртасидаги узвийлик, устоз-шогирд анъаналари ва соҳа фахрийларига бўлган юксак эҳтиром яна бир бор намоён бўлди.
Дастур доирасида бошқарманинг ҳудудлардаги қуйи бўлинмалари ҳамда Бухоронинг тарихий ва маданий обидаларига саёҳатлар ҳам режалаштирилган.
Бухорода ўзаро ҳурмат, самимий мулоқот ва авлодлар ворислиги руҳида ўтаётган маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.









