ФВВ тизимида яна бир қувончли ва унутилмас тантана
2026-08-25 18:20:00 / Янгиликлар

Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бошчилигида Шаҳрисабз шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейининг қўшимча янги ўқув биноси ҳамда мукаммал таъмирдан чиқарилган ўқувчилар ётоқхонасини фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Қарши ҳарбий прокурори, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими ўринбосари, фахрийлар, лицей раҳбарияти ва шахсий таркиби, шунингдек, ўқувчилар иштирок этди.
Янги ўқув биносининг барпо этилиши ва ётоқхонанинг замонавий талаблар асосида таъмирланиши ёшларнинг сифатли таълим олиши, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбияланиши ҳамда улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Айниқса, Ватан тақдирига дахлдор, мард ва жасур авлодни тарбиялашдек шарафли вазифани зиммасига олган «Темурбеклар мактаби» учун бугунги тантана алоҳида аҳамият касб этди.
Янги ўқув хоналарида илм ва изланиш, ётоқхонада эса орзу-мақсадлар сари интилаётган ёшларнинг қувноқ кулгуси янграсин! Зеро, бугун яратилаётган қулай шароитлар — эртанги куннинг билимли, ватанпарвар ва жасур ҳимоячиларини тарбиялашга қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.









