Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов Фавқулодда вазиятлар волонтёрлари билан учрашди
2026-08-13 15:10:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида вазир ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиб, ўзининг хизмат фаолияти, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳадаги янгиликлар ҳамда ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, ёш қутқарувчи-волонтёрларнинг тақдимотлари тингланиб, улар томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар, ташаббуслар ва таклифлар билан танишилди. Ёшларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва профилактика ишларидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида масъулларга волонтёрлик гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, “маҳалла – волонтёр – давлат инспектори” ўртасидаги узвий ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Учрашув якунида ёш қутқарувчи-волонтёрларнинг ташаббускорлиги, фидойилиги ва хавфсизликни таъминлашдаги иштироки юксак баҳоланди.
Зеро, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда бугунги фаол ва ташаббускор ёшлар — эртанги хавфсиз жамиятнинг ишончли таянчидир.








