Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрида содир бўлган ҳодиса юзасидан МАЪЛУМОТ
2026-08-10 20:45:00 / Янгиликлар

2026 йил 10 август куни тонгда Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрида жойлашган бир қатор объектларга учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) орқали ҳужум содир бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳри ҳудудида фаолият юритган қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган жами 8 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳалок бўлган ҳамда бир нечта фуқароларимиз турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг топшириқларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари О. Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди.
Унга кўра, Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган фуқароларимизнинг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, фармойишга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Махсус ишчи гуруҳ Россия Федерациясига юборилиб, барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари етиб бориб, россиялик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлган ҳолда, ҳамкорликда тезкор чора-тадбирларни кўрмоқда.
Жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисида тезкор маълумот олиш учун:
Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулининг +79656007979 телефон рақамига;
Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонасининг +79257508757, +79251270002 телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин.
