Қутқарувчилар кўпкураши ғолиблари Фавқулодда вазиятлар вазирининг махсус совғаси билан тақдирланди
2026-08-01 18:35:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги Махсус қутқарув отрядлари ўртасида ўтказилган Қутқарувчилар кўпкураши бўйича Республика биринчилиги ўз якунига етди. Тўрт кун давом этган мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 15 та терма жамоа қутқарувчилик касбининг энг муҳим йўналишлари бўйича ўзаро беллашди.
Мусобақа давомида иштирокчилар техноген ва табиий хусусиятли фавқулодда вазиятларда қидирув-қутқарув ишларини ташкил этиш, вайроналарда инсонларни қутқариш, транспорт ҳодисалари ва радиацион-кимёвий аварияларда ҳаракат қилиш, сувда ҳамда сув остида қутқарув ишларини бажариш, тоғ ва қоя шароитида ишлаш, шунингдек, махсус куч машқлари ва кросс-фит йўналишларида ўз маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди.
Мусобақанинг ҳар бир шарти бўйича энг юқори натижаларни қайд этган жамоалар ҳамда алоҳида йўналишларда юксак маҳорат кўрсатган қутқарувчилар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, куч ишлатиш машқлари бўйича шахсий ҳисобда совриндорлар, энг яхши отряд командири ҳамда соҳалар кесимидаги энг яхши қутқарувчилар ҳам муносиб эътироф этилди.
Босқичлар бўйича ўтказилган баҳслар якунига кўра табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда қидирув-қутқарув ишлари, сувда қутқарув ҳамда куч ишлатиш машқлари бўйича ғолиб ва совриндор жамоалар аниқланиб, тантанали равишда тақдирланди.
Ниҳоят, мусобақанинг энг кутилган лаҳзаси ҳам етиб келди. Умумжамоа ҳисоби бўйича ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилиниб, Республика биринчилигининг мутлақ чемпионлари аниқланди. Унга кўра:
- 3-ўрин — Тошкент шаҳар ФВББ терма жамоаси;
- 2-ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси ФВБ терма жамоаси;
- 1-ўрин — Тошкент вилояти ФВББ терма жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Айниқса, Республика биринчилигида мутлақ ғолиб бўлган Тошкент вилояти ФВББ терма жамоасига Фавқулодда вазиятлар вазирининг махсус совғаси — замонавий ёнғин-қутқарув автомобили топширилгани тақдирлаш маросимининг энг унутилмас ва тантанали лаҳзасига айланди. Мазкур махсус техника қутқарув хизмати салоҳиятини янада оширишга хизмат қиладиган муносиб эътироф сифатида баҳоланди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар мусобақа иштирокчиларининг юқори касбий маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳамда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш кўникмалари юксак баҳоланганини таъкидладилар.
Тошкент вилояти мезбонлик қилган мазкур Республика биринчилиги нафақат соғлом рақобат, балки қутқарувчиларнинг амалий тайёргарлиги, тажриба алмашуви ва касбий маҳоратини янада такомиллаштиришга хизмат қилди. Энг муҳими, ушбу мусобақалар юртимизда инсон ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки хавфсизлиги ишончли ва малакали қутқарувчилар қўлида эканини яна бир бор намоён этди.
Тадбир якунида барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирилиб, уларнинг келгуси хизмат фаолиятига улкан зафарлар ва янги муваффақиятлар тилаб қолинди.









