Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов Бухоро ёшлари билан учрашди
2026-07-16 18:20:00 / Янгиликлар

Бухоро давлат педагогика институтида ташкил этилган тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Б.К.Зарипов, тизим фахрийлари, Фавқулодда вазиятлар тизимида хизмат қилаётган ёшлар ҳамда оталиққа олинган ва уюшган ёшлар иштирок этди.
Мулоқот жараёнида вазир ўзининг хизмат фаолияти, ҳаётий бой тажрибаси ҳамда босиб ўтган йўли ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, у қутқарувчилик касби нафақат масъулиятли, балки инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қиладиган шарафли ва фидокорона касб эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган турли саволлар билан мурожаат қилиб, вазирдан батафсил ва ҳаётий жавоблар олдилар. Суҳбат самимий руҳда ўтиб, ёшларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, вазирнинг ҳаётий тажрибаси ёшларни руҳлантирди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида вазир ёш стартап ташаббускорлари томонидан тақдим этилган инновацион лойиҳалар билан танишди. Лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, амалий аҳамияти ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилиб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалиётга жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.






