Ўзбекистон ФВВ ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Франциянинг Аннеcи шаҳрида жойлашган Франция Фуқаро хавфсизлиги қутқарув хизматининг тоғ-қутқарув бўлинмаси бўлди
2026-06-19 17:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 18-июн куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи Франциянинг Аннеcи шаҳрида жойлашган Франция Фуқаро хавфсизлиги қутқарув хизматининг тоғ-қутқарув бўлинмаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида мутахассисларга бўлинманинг фаолияти, қидирув-қутқарув ишларини ташкил этиш тартиби ҳамда тоғли ҳудудларда қўлланилаётган замонавий қутқарув усуллари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, бўлинма тасарруфидаги Airbus H145 русумли вертолётларнинг техник ва амалий имкониятлари намойиш этилди.
Шундан сўнг Европанинг энг баланд чўққиларидан бири ҳисобланган Mont Blanc ҳудудига, денгиз сатҳидан қарийб 4 800 метр баландликка парвоз амалга оширилди. Парвоз давомида вертолёт экипажи тоғда қолиб кетган ва ёрдамга муҳтож алпинистларни аниқлаш, уларга тезкор етиб бориш ҳамда хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш жараёнларини амалий тарзда намойиш этди.
Жумладан, юқори тоғ шароитида вертолётнинг ҳавода белгиланган нуқтада барқарор ҳолатда туриши, қутқарувчиларни мураккаб ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларга тушириш, шунингдек, жабрланганларни махсус қутқарув ускуналари ёрдамида эвакуация қилиш имкониятлари кўрсатиб берилди.
Ташриф якунида ишчи гуруҳ аъзолари тоғли ҳудудларда қидирув-қутқарув ишларини самарали ташкил этишда авиация воситаларидан фойдаланиш бўйича Франция тажрибаси ҳамда Airbus H145 вертолётларининг амалий имкониятлари билан яқиндан танишдилар.




