Ўзбекистон ФВВ ишчи гуруҳи Airbus Helicopters компанияси фаолияти билан танишди
2026-06-18 16:00:00 / Янгиликлар

2026-йил 17-июнь куни Германия Федератив Республикасига амалга оширилган хизмат сафари доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи Airbus Helicopters компаниясига ташриф буюрди.
Ташриф давомида компания мутахассислари томонидан H145 русумли вертолётнинг техник-тактик хусусиятлари, эксплуатацион имкониятлари ҳамда уни қидирув-қутқарув, тиббий эвакуация ва бошқа махсус операцияларда қўллаш бўйича халқаро тажриба юзасидан тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, вазирлик вакиллари вертолётларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш жараёни, йиғиш линиялари, сифат назорати тизими ҳамда синов босқичлари билан яқиндан танишди. Ташриф давомида авиация саноатида қўлланилаётган замонавий технологиялар ва илғор ишлаб чиқариш стандартлари ҳақида батафсил маълумотлар олинди.
Ташриф якунида томонлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда замонавий авиация техникасининг ўрни, H145 вертолётининг амалий имкониятлари ҳамда ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.





