Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бошчилигида зарарли чигирткаларга қарши олиб борилаётган тадбирларни ўрганиш ишлари давом этмоқда. Навбатдаги манзил Қорақалпоғистон Республикаси бўлди
2026-06-17 17:35:00 / Янгиликлар
Хабар бериб бораётганимиздек, вазир ўринбосари раҳбарлигида, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида зарарли чигирткалар тарқалган ҳудудларда олиб борилаётган тадбирлар ўрганилмоқда. Хусусан, бугунги манзил Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманлари бўлди.

Ўрганишлар давомида зарарли чигирткалар тарқалган ва тарқалиш эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда махсус техника ва воситалар ёрдамида олиб борилаётган кимёвий ишлов бериш жараёнлари кўздан кечирилди.
Шунингдек, чўл ва яйлов ҳудудларида зарарли чигирткаларнинг кириб келишининг олдини олиш мақсадида кучайтирилган назорат постлари фаолияти йўлга қўйилди.
Жараёнда вазир ўринбосари томонидан дала шароитида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги, хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ҳамда мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудларда зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари барча масъул ташкилотлар ҳамкорлигида қатъий назорат остида давом эттирилмоқда.





