Сурхондарё вилоятининг Узун туманида сел ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида қирғоқ мустаҳкамлаш тадбирлари олиб борилмоқда
2026-06-16 09:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг май ойида кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида юзага келган сел оқибатларини бартараф этиш ҳамда келгусидаги хавфларни камайтириш мақсадида Узун туманида қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Хусусан, тумандаги “Боботоғ”, “Толтуғай”, “Оқмачит” ва “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидан оқиб ўтувчи сойлар қирғоқларида мустаҳкамлаш, ўзанларни тозалаш ва сув ўтказиш иншоотларини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган ишлар билан Сурхондарё вилояти ҳокими, фуқаро муҳофазаси бошлиғи Улуғбек Қосимов танишди. Ташриф давомида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи подполковник Ш. Шукуров томонидан бажарилган ҳамда истиқболда режалаштирилган тадбирлар юзасидан тақдимот қилинди.
Мазкур ишлар аҳоли пунктлари ва инфратузилма объектлари хавфсизлигини таъминлаш, сел хавфини камайтириш ҳамда ҳудудларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.



