ФВВ Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлари касб-ҳунарга ўқитилмоқда
2026-06-15 21:00:00 / Янгиликлар

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун олий таълим муассасалари, коллеж ва техникумлар билан ҳамкорликда “Бир аскар – битта касб” тамойили асосида ўқув курслари ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 7-апрелдаги ПҚ-134-сон қарорига мувофиқ, ФВВ Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлари ҳам мазкур курсларда фаол иштирок этмоқда.
Машғулотлар давомида улар ошпазлик, компьютер саводхонлиги, автомобил шиналарига техник хизмат кўрсатиш ҳамда ходимлар билан ишлаш каби замонавий ва талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича назарий ҳамда амалий билимларни эгалламоқда. Бу эса ёшларнинг ҳарбий хизмат давомида касбий кўникмаларини ривожлантириш, хизматдан сўнг эса муносиб касб эгаси сифатида меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда.
Мазкур ташаббус аскарларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, уларнинг келажак ҳаётига мустаҳкам пойдевор яратиш ҳамда Ватан ҳимоячиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан биридир.







