Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бошчилигида Бухоро вилоятида зарарли чигирткаларга қарши олиб борилаётган тадбирлар ўрганилди
2026-06-15 17:20:00 / Янгиликлар

Ўрганиш давомида Бухоро вилояти ФВБ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида Ромитан туманининг Газли шаҳарчасида ташкил этилган тезкор штаб фаолияти кўздан кечирилди. Бундан ташқари Олот тумани, Жондор ва Қоракўл туманларининг Қандим массиви ва бошқа ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан танишилиб, ҳамкорликдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Шунингдек, зарарли чигирткалар тарқалган ҳудудларда махсус техника ва воситалар ёрдамида олиб борилаётган кимёвий ишлов бериш жараёнлари ўрганилди.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, вилоятнинг зарарли чигирткалар тарқалиши хавфи юқори бўлган 9 та туманда 15 та назорат кузатув постлари ташкил этилиб, ҳар 4 соатда постлардан олинган вазият ҳақидаги маълумот вилоят штабига тақдим этиб борилиши йўлга қўйилди.
Шунингдек, вазир ўринбосари томонидан дала шароитида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги, хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ҳамда мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудларда зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари барча масъул ташкилотлар ҳамкорлигида қатъий назорат остида давом эттирилмоқда.









