Жиззах вилоятининг Арнасой туманида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилмоқда
2026-06-11 13:10:00 / Янгиликлар

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида “Бошқарув органлари, Фавқулодда вазиятлар давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилмоқда.
Мазкур ўқув машқлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлигида тегишли хизматлар ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда ҳудудий бошқарув органлари, қутқарув бўлинмалари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг куч ва воситалари жалб этилган.
Ўқув машқида шартли равишда юзага келган фавқулодда вазиятлар сценарийлари асосида амалий ҳаракатлар бажарилмоқда. Жумладан, қутқарувчилар томонидан талафот кўрган ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилиб, жабрланганларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, уларни вақтинча жойлаштириш ҳамда зарур шароитлар билан таъминлаш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.
Машқлар давомида хизматлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, тезкорлик ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар синовдан ўтказилиб, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражаси амалий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.







