Жиззах вилоятида ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
2026-06-08 11:30:00 / Янгиликлар

Дастлаб, Арнасой туманидаги фермер хўжаликлари ҳудудларида жойлашган мембрана қопламали сув ҳавзаларида хавфсизлик ҳолати кўздан кечирилди. Сув ҳавзалари атрофидаги огоҳлантирувчи белгилар, ҳимоя тўсиқлари ва қутқарув воситаларининг ҳолати ўрганилиб, масъулларга хавфсизлик чораларини янада кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Батафсил...
Шунингдек, “Айдар-Арнасой” туристик зонаси ҳамда “Айдаркўл Resort” соғломлаштириш марказида дам олувчилар учун яратилган шароитлар, сув ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш ҳолати ва кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ўрганилди. Назорат тадбирлари давомида техник носозликлари мавжуд ҳамда хавфсизлик талабларига зид равишда фойдаланилган 7 та кичик ҳажмли кема вақтинчалик сақлаш майдонига жойлаштирилди.
Шундан сўнг, фермер хўжаликлари далаларида ғалла ўрим-йиғим мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги техникаларининг созлиги ҳамда уларнинг бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланганлик ҳолати кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида чўкиш билан боғлиқ ҳодисалар ҳамда ғалла мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган профилактик тадбирлар, шунингдек, ўрнатилган огоҳлантирувчи баннерлар ҳолати ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва хавфсизлик чораларини янада кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.







