Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов Сурхондарё вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди
2026-06-05 19:50:00 / Янгиликлар
Ўрганиш давомида вазир бошқарма шахсий таркиби билан учрашиб, уларнинг хизмат фаолияти, дуч келаётган муаммолари ва таклиф-мулоҳазаларини тинглади. Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқотда тизимни янада такомиллаштириш, ходимларнинг хизмат шароитларини яхшилаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Вазир вилоят ҳудудидаги қутқарув қисмларида ҳам бўлиб, фавқулодда вазиятларга тезкор муносабат билдиришда муҳим ўрин тутувчи махсус техника ва жиҳозларнинг ҳолатини кўздан кечирди. Уларнинг шайлиги, техник имкониятлари ҳамда самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маҳаллаларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат назорати инспекторлари учун ташкил этилган маҳалла муҳофазаси хоналари фаолияти ҳам ўрганилди. Вазир ушбу масканларда хизмат олиб бораётган инспекторларнинг кундалик фаолияти билан яқиндан танишиб, аҳолининг хавфсизлик маданиятини юксалтириш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида зарур тавсия ҳамда кўрсатмалар берди.



