Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосарининг Сирдарё вилоятидаги кенг кўламли ўрганиш ишлари давом этмоқда
2026-06-05 14:35:00 / Янгиликлар

Шунингдек, ғалла ўрим-йиғими мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилиб, техникалар ва ёнғин ўчириш воситаларининг шайлиги назорат қилинди. Фермерлар ва масъул ходимларга амалий тавсиялар берилди.
Сардоба туманидаги мембранали қопламали сув ҳавзаларида хавфсизлик ҳолати ўрганилиб, фуқаролар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Сув ҳавзалари атрофидаги огоҳлантирувчи белгилар ва ҳимоя воситаларининг ҳолати текширилди.
Ташриф давомида маҳалла муҳофаза хонаси фаолияти ҳам ўрганилиб, фавқулодда вазиятлар давлат назорати инспекторлари томонидан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, профилактик тадбирларни ташкил этиш ва хавф омилларини бартараф этиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Бундан ташқари, Сайхунобод туманидаги «Гулистон нефть базаси» МЧЖда хабардор этиш орқали назорат тартибидаги текширув ўтказилди.
Текширув давомида корхонанинг операторлар биноси, лабораторияси ҳамда ётоқхона биноларида қўпол равишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бир қатор талаблари бузилгани аниқланди.
Аниқланган камчиликлар ва мавжуд ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани сабабли, инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мазкур биноларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Аниқланган камчилик ва қоида бузилиш ҳолатлари бартараф этилганидан сўнг, фаолият олиб борилишига рухсат берилади.
Шунингдек, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги тизимларини меъёрий талаблар асосида қайта тиклаш ҳамда хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан корхона масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди.







