Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди
2026-06-04 20:40:00 / Янгиликлар

Дастлаб, мулоқот давомида малакали кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда замонавий ёндашувларни таълим жараёнига кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида илмий ва педагогик фаолиятда юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Фавқулодда вазиятлар вазирининг тегишли буйруғига асосан муносиб рағбатлантирилди.
Хусусан, Қутқарув техникалари кафедраси доценти, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), подполковник Шерали Асамов ҳамда Ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик кафедраси доценти, техника фанлари бўйича фалсафа доктори(PhD), капитан Жасурбек Ярбеков вазирлик раҳбарияти томонидан ҳар бири 10 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот якунида профессор-ўқитувчиларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, Академияда таълим ва илмий фаолият самарадорлигини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.







