“Оилалар билан ишлаш куни” доирасида манзилли ташрифлар ва учрашувлар ўтказилди
2026-06-04 11:05:00 / Янгиликлар

“Оилалар билан ишлаш куни” режасига мувофиқ, вазирликнинг Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича бош мутахассиси томонидан олис ҳудудларда хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчилар оилаларининг ижтимоий-маънавий ҳолатини ўрганиш мақсадида манзилли ташрифлар амалга оширилди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчи оиласи ҳолидан хабар олиниб, оила аъзолари билан самимий мулоқот ўтказилди. Суҳбат давомида уларнинг яшаш шароитлари, мавжуд муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилиб, амалий тавсиялар ҳамда зарур кўмаклар кўрсатилди.
Шунингдек, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларидаги қутқарув қисмларида хизмат қилаётган ходимлар ҳамда муддатли ҳарбий хизмат аскарлари билан учрашувлар ташкил этилди. Учрашувларда ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолияти, маиший шароитлари ва руҳий ҳолати билан яқиндан танишилиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди.
Билдирилган мурожаатлар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.








