Ёшлар билан мулоқот — келажак сари муҳим қадам
2026-05-21 16:35:00 / Янгиликлар

Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Бухоро вилоятларида ва Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси томонидан “Ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви маънавий-маърифий тадбирлари бўлиб ўтди.
Хусусан, бундай тадбирлар Қашқадарё вилояти ФВБ бошлиғи, Қарши ҳарбий прокурори иштирокида Қарши туманидаги 71-мактабда ва Навоий вилояти ФВБ бошлиғи иштирокида Маънавият ва маърифат марказида, ҳамда Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси бошлиғи иштирокида Тошкент давлат техника университетида, шунингдек, Бухоро вилояти ФВБ ва Миллий гвардия Бухоро вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Бухоро давлат университетида ўқувчи ёшлар, ёш ҳарбий хизматчилар, тизимга бириктирилган ёшлар ҳамда талабалар билан ташкил этилди.
Учрашувларда ёшларга ватанпарварлик, қонунларга ҳурмат, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш, ҳарбий хизматнинг шарафли ва масъулиятли касб экани ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни ёт ғоялардан асраш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирлар давомида ёшларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар берилди ҳамда улар билим олиш, ташаббускор бўлиш ва юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга чақирилди. Якунда маданий чиқишлар ва саҳна кўринишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.









