Андижон вилоятида комплекс профилактик тадбирлар ўтказилди
2026-05-14 22:10:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар доирасида вилоятда жойлашган муҳим объектлардан бири — “Кампровот сув тозалаш иншооти”да тўсатдан хавф сигнали берилиб, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш, куч ва воситаларнинг шайлигини синовдан ўтказиш мақсадида махсус тактик ўқув машқи ташкил этилди.
Шунингдек, мавсум олдидан болалар соғломлаштириш оромгоҳларида хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларни олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши ҳамда сув ҳавзаларида назорат ишлари атрофлича ўрганилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарё дарёсида 2026 йил манзилли дастур асосида амалга оширилаётган қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, “Ғалла – 2026” мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида дон етиштириш ҳудудларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техника ва агрегатларнинг созлиги, масъул хизматларнинг доимий шай ҳолатда бўлиши каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Олиб борилган ўрганишлар якунлари бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди. Барча йўналишларда профилактика тадбирларини кучайтириш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кенгайтириш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш вазифалари белгилаб берилди.









