Тинчлик ва осойишталикни асраш, тарихий хотирани улуғлаш — муқаддас бурч
2026-05-07 12:05:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда депутатлар, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия масъул раҳбарлари, ҳарбий фахрийлар, ҳарбий олий таълим муассасалари курсантлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбирда бугунги кунда соҳада бир қатор стратегик аҳамиятга эга қонун лойиҳалари парламентда кўриб чиқилаётгани таъкидланди. Жумладан, “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фахрийлар тўғрисида”ги, “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.
Ушбу ҳужжатлар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизмат мақомини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда давлатнинг мудофаа салоҳиятини янада оширишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Сўзга чиққан соҳа фахрийлари ўзларининг кўп йиллик хизмат фаолияти, бой ҳаётий тажрибаси ҳамда Ватан ҳимояси йўлидаги машаққатли синовлар ҳақида тўхталиб ўтди. Нуронийлар ёш авлод тарбиясида миллий ғурур ва фидоийлик туйғуси энг муҳим омил эканини таъкидлаб, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш, ҳарбий қасамёдга содиқ қолиш бўйича ўз тавсияларини берди.




