Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фахрийлари иштирокида "Уч авлод учрашуви" ташкил этилди
2026-04-23 19:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда, фахрийлар истеъфодаги генерал-майор Ахмедов Қосимали, истеъфодаги полковниклар Иногамов Фахриддин, Мирфайзиев Миркамол, Мирзаитов Мирзохид, Тошкент шаҳар ФВББ ёш ҳарбий хизматчилари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида фахрийлар ўзларининг ҳаёт йўли, босиб ўтган машаққатли ва шарафли йўллари ҳақида тўлқинланиб сўз юритдилар. Улар орттирган бой ҳаётий тажриба, синов ва сабоқларга бой йиллар хотиралари орқали ёшларга ибрат бўладиган фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Ҳар бир ютуқ ортида машаққатли меҳнат, сабр-тоқат ва қатъият мужассам эканини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, фахрийлар бугунги кунда ёшларга яратилаётган кенг имконият ва шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб, бундай эътибор ва ғамхўрликни юксак баҳоладилар. Улар ёшларни ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланишга, билим олишга, ўз устида тинимсиз ишлашга чорладилар.
Учрашув давомида кўплаб ёшлар қутқарувчи бўлиш истагини билдириб, бу шарафли ва масъулиятли касбга қизиқишлари ортиб бораётганини таъкидладилар. Бу эса ёшлар орасида Ватанга хизмат қилиш, инсон ҳаётини асраш каби юксак қадриятларга бўлган интилиш тобора мустаҳкамланаётганини яққол намоён этди.






