Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор А.И. Икрамов Хоразм ёшлари билан самимий суҳбатлашди
2026-04-02 16:25:00 / Янгиликлар
Суҳбат давомида вазир ўзининг хизмат фаолияти, бой ҳаётий тажрибаси ва босиб ўтган ибратли йўли ҳақида самимий ва таъсирчан сўз юритди. У ҳар бир босқичда орттирган сабоқлари ва ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашиб, иштирокчилар қалбида чуқур таассурот уйғотди. Шунингдек, у қутқарувчилик касби нафақат юксак масъулият талаб этадиган, балки инсон ҳаётини асраб қолишга хизмат қилувчи шарафли ва фидокорона касб эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган турли саволлар билан мурожаат қилиб, вазирдан атрофлича ва ҳаётий мисоллар билан бойитилган жавоблар олдилар. Суҳбат самимий ва илиқ руҳда ўтиб, иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Айниқса, вазирнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ибратли йўли ёшларга кучли руҳий илҳом бағишлади.
Учрашув якунида кўплаб ёшлар қутқарувчи бўлиш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларда инсонларга ёрдам беришга бўлган интилишлари янада кучайганини таъкидладилар. Мазкур тадбир ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, уларни мардлик ва фидоийликка чорлашда муҳим аҳамият касб этди.






