Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор А.И.Икрамов Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар Бош бошқармасининг аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида олиб бораётган ишлари билан танишди.
2026-03-04 16:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Дастлаб, хизмат фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсади, вилоятнинг 22 та шаҳар ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлимларига янги “Cобалт” русумидаги хизмат автомашиналари калитлари тантанали равишда топширилди. Албатта, мазкур транспорт воситалари ҳудудларда тезкорликни ошириш, фавқулодда вазиятларга зудлик билан етиб бориш ҳамда профилактик тадбирларни сифатли амалга оширишга хизмат қилади.

Шундан сўнг Вазир Бош бошқарма биносида яратилган шароитлар, техник таъмирлаш қисми фаолияти, мавжуд махсус техникалар ҳолати билан яқиндан танишди.
Жараёнда “Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини ўқитиш маркази”нинг ахборот-коммуникация технологиялари, яратилган шарт-шароитлар, ўқув жиҳозлари ва замонавий ускуналар кўздан кечирди. Шунингдек марказда малака ошираётган тингловчилар билан самимий суҳбат олиб борилиб, уларнинг йўналиш бўйича билим ва кўникмалари оширилди.
Шу билан бирга ФВББ раҳбарларига фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш борасида самарадорликни ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.




