ФВВ Академиясида “Ёшлар куни” доирасида “Академияда бир куним” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” ҳамда “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви тадбирлари бўлиб ўтди.
2026-02-26 16:45:00 / Янгиликлар

Дастлаб, ёшлар ўқув минорасининг 4-қаватидан жабрланганни қутқариш ҳамда ўзини-ўзи қутқариш бўйича амалий машғулотларни кузатдилар. Бу жараёнда тезкорлик, қатъият ва профессионал маҳорат уйғунлиги намоён бўлди. Ундан ташқари, ёнғин-қутқарув махсус техникаларининг техник хусусиятлари ва шартли ёнғин содир бўлганда курсантларнинг жанговар ёйилиши кўргазмаси эса ёшларнинг соҳага бўлган қизиқишини янада оширди.
Шундан сўнг, замонавий қутқарув техникалари намойиш этилди. Ҳар бир техник воситанинг имконияти, фавқулодда вазиятлардаги ўрни ва самарадорлиги ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ёшлар Ахборот-ресурс марказида ташкил этилган китобхонлик соатларида иштирок этиб, қутқарувчилик, ёнғин хавфсизлиги, фуқаро муҳофазаси, ҳуқуқшуносликка оид ва турли бадиий адабиётлар билан яқиндан танишдилар. Ўқув аудиторияларида курсантларнинг дарс жараёнини кузатиш орқали ёшлар ўзлари учун мотивация олдилар.
Якунда спорт ва интеллектуал танловларда юқори натижаларга эришган ёшлар Академия раҳбарияти томонидан тантанали равишда тақдирланди. Оркестр жамоасининг концерт дастури эса тадбирни кўтаринки руҳда якунлади. Мазкур тадбир ёшлар қалбида қатъий ишонч уйғотди. Зеро, “Қутқарувчи” бўлиш – бу шараф, бу масъулият, бу Ватан олдидаги бурчдир.






