Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг биринчи босқичи — онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнлари ҳозирда давом этмоқда.
2026-01-29 14:05:00 / Yangiliklar
Дастлабки маълумотларга кўра, 28 январь ҳолатига census.stat.uz портали орқали жами хонадонларнинг 70,4 фоизида истиқомат қилувчи фуқаролар онлайн рўйхатдан ўтган.
Яъни, бугунги кунга қадар 25 миллион нафардан ортиқ фуқаро онлайн рўйхатдан ўтишни якунлади.
Ҳудудлар кесимида онлайн рўйхатдан ўтган хонадонлар улушига эътибор қаратсак, Хоразм вилояти — 85,5 %, Қорақалпоғистон Республикаси — 79 %, Сирдарё вилояти — 77,9 % ва Навоий вилояти — 76,9 % билан онлайн рўйхатдан ўтиш даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Айни пайтда, Сурхондарё вилояти — 68,5 %, Бухоро вилояти — 63,8 %, Андижон вилояти — 63,6 % ва Тошкент шаҳрида — 49,5 % билан нисбатан паст кўрсаткичлар кузатилмоқда.
Албатта, бунда катта шаҳарлар эффекти кузатилади. Яъни, йирик шаҳарларда аҳолининг гавжумлиги, иш ва кундалик ташвишларнинг кўплиги, доимий ҳаракат ва тиғиз ҳаёт тарзи билан бир қаторда, ижарада яшовчи аҳоли улушининг юқорилиги, иш жойи ва яшаш манзилининг тез-тез ўзгариши каби омиллар жараён суръатига таъсир кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнлари тугашига 3 кун қолганини инобатга олиб, ҳар бир юртдошимиздан ушбу муҳим умуммиллий тадбирда фаол иштирок этиб, келажагимиз учун бор-йўғи 20–30 дақиқа вақт ажратишини сўраб қоламиз.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз: саволномани хато ёки тўлиқ бўлмаган ҳолда тўлдирган фуқаролар учун автоматик огоҳлантириш тизими жорий этилди. Онлайн рўйхатдан ўтиб, сертификат олган фуқаролардан платформага яна бир бор кириб, сертификат ойнасидаги огоҳлантиришларни диққат билан текшириб чиқишларини сўраймиз.
Агар сертификат ойнасида кўк рангли “Сертификат тасдиқланди” ёзуви чиқса, маълумотлар тўғри киритилган ҳисобланади. Агар эса қизил рангли “Маълумотлар тўлиқ эмас” деган огоҳлантириш пайдо бўлса, унда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, саволномани тўлиқ тўлдириш тавсия этилади.
Акс ҳолда, 4–28 февраль кунлари маҳалла вакиллари томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилади.
Ҳурматли юртдошлар!
Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнлари тугашига бор-йўғи 3 кун қолди. Шу боис, ҳар бир фуқародан ушбу муҳим умуммиллий тадбирда фаол иштирок этишини сўраймиз.
Бугун берилган ҳар бир тўғри ва аниқ маълумот эртанги кун режаларини белгилаш, инфратузилмани ривожлантириш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу боис барча юртдошларимизни онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида саволларга масъулият билан, тўлиқ ва аниқ жавоб беришга чақирамиз. Саволномани тўғри ва тўлиқ тўлдиринг, ҳар куни ўтказилаётган совринли ўйинда иштирок этинг ва қимматбаҳо совғалар соҳиби бўлиш имкониятини қўлдан бой берманг!
Бефарқ бўлманг — онлайн рўйхатдан ўтинг ва юрт келажагини биргаликда барпо этайлик!
