Ўзбекистон ва Парагвай ўртасида ветеринария ва чорвачилик соҳаларида ҳамкорлик ўрнатилди
2026-03-03 13:50:00 / Янгиликлар

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жаббаров бошчилигидаги делегация Парагвайда амалий ташриф билан бўлди.
Мазкур ташриф икки давлат ўртасида ветеринария ва чорвачилик соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида амалга оширилди.
Ташриф доирасида Парагвай Республикасининг ваколатли ветеринария органи – Ҳайвонлар саломатлиги ва сифат миллий хизмати (SENACSA) раҳбарияти билан музокара бўлиб ўтди. Учрашувда ветеринария назорати, эпизоотик барқарорликни таъминлаш, чорва маҳсулотлари экспорти ва импорти жараёнларида ҳамкорлик, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ветеринария сертификатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувларга эришилди ҳамда тегишли ҳужжатлар имзоланди. Ветеринария соҳасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорлик қилишга келишилди.
Шунингдек, SENACSA ҳузуридаги марказий ветеринария лабораториясига ташриф буюрилди ва диагностика имкониятлари, касалликларни эрта аниқлаш тизими, лаборатория сифатни бошқариш тизими, малака синовларида иштирок этиш амалиёти ва халқаро аккредитация талабларига мувофиқ фаолият юритиш тартиби билан яқиндан танишилди.
Шу билан бирга Қўмита делегацияси Парагвайдаги замонавий кушхона фаолияти билан танишди. Унда ишлаб чиқариш жараёнлари, давлат ветеринария назоратининг олиб борилиши, озиқ-овқат хавфсизлиги тизими ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулотларни тайёрлаш амалиёти ўрганилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Парагвай ўртасида ветеринария ва чорвачилик соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро савдо имкониятларини кенгайтириш ҳамда соҳада илғор тажрибаларни жорий этиш учун муҳим қадам бўлди.




