Рақамлаштириш, маҳсулдорлик ва замонавий технологиялар.
2026-02-02 10:00:00 / Матбуот анжуманлари

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида, жумладан Сирдарё вилоятида ветеринария ва чорвачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан мазкур тармоқ давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилиб, ветеринария хизматини такомиллаштириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда чорва маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ветеринария хизматида профилактика биринчи ўринга чиқарилди. Республика бўйлаб мажбурий эмлаш тадбирлари изчил амалга оширилмоқда, эпизотик хавфи юқори ҳудудлар доимий назоратга олинган. Қўмитанинг 2026-йил 6-январдаги кўрсатмасига мувофиқ, жорий йилнинг 12-январидан маҳалла фуқаролар йиғинлари хабардорлигида “Соғлом чорва — файзли маҳалла” тадбири йўлга қўйилиб, вилоятда 74 та эмлаш гуруҳи ташкил этилди. Ҳозирда чорва ва уй ҳайвонлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган оммавий эмлаш ишлари давом этмоқда.
Чорвачилик соҳасида эса маҳсулдорликни оширишга қаратилган янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Зотдор чорвачиликни ривожлантириш, сунъий уруғлантириш хизматларини кенгайтириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш орқали фермер хўжаликларининг даромади оширилмоқда. Давлат томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва субсидиялар тармоққа янги инвестицияларни жалб этишга хизмат қилмоқда.
Соҳада рақамлаштириш жараёнлари ҳам жадал кечмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 24-августдаги ПҚ–285-сон қарорига асосан ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олиш бўйича ягона электрон тизим жорий этилди. 2025-йилда грант маблағлари ҳисобидан 249 500 дона қорамол сирғалари олиб келиниб, вилоятдаги 57 та ветеринария участкаси томонидан 97 551 бош қорамолга ўрнатилди ва VIC-CHINOR электрон тизимига киритилди. 2026-йилда яна 151 449 бош қорамолни идентификация қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, “Султон” фермер хўжалигида 350 бош сигир сунъий уруғлантирилиб, 220 бош соғлом бузоқ олинди. Кореянинг юқори маҳсулдор сигир эмбрионлари трансплантацияси натижасида биринчи авлоддан 12 бош бузоқ олинди. Натижада бузоқларнинг тирик вазни тенгдошларига нисбатан 10–15 фоиз юқори бўлиб, келгусида сут маҳсулдорлиги ва ёш молларнинг ўсиш суръати 30 фоизга ошиши кутилмоқда.
2026-йилда “Kopia” маркази томонидан мазкур хўжаликда қиймати 3 миллион долларлик биогаз лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида йилига 1,5 миллион куб метр газ ва 4,3 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсиз гўшт маҳсулотларини назорат қилиш мақсадида “VIS-BILLUR” электрон ахборот тизими жорий этилди. Бугунги кунда вилоятдаги 7 та ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси ушбу тизим орқали фаолият юритмоқда. 2025-йилда 10 004 бош йирик ва 1 810 бош майда шохли мол сўйилиб, электрон базага киритилди.
Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий ветеринария клиникалари, дорихоналари ва замонавий лабораториялар ташкил этилмоқда. Президентнинг 2025-йил 27-февралдаги 78-сон қарорига мувофиқ, вилоятда 13 нафар ветеринария мутахассиси лицензия асосида хусусий фаолият бошлади.
Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Самарқанд вилоятида ташкил этилган малака ошириш институтида 2025-йилда Сирдарёдан 78 нафар мутахассис ўқитилди. 2026-йилда эса яна 55 нафар мутахассис малакасини ошириши режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Сирдарё вилоятида ветеринария ва чорвачилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тармоқни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Профилактика тадбирларининг кучайтирилиши, рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва давлат қўллови натижасида маҳсулот сифати ошиб, фермерлар даромади кўпаймоқда, қишлоқ аҳолиси фаровонлиги юксалмоқда.








