Расмий муносабат: Аутсорсинг хизмати учун маблағ ажратилиб, тендер савдолари эълон қилинган
- Куни-кеча Gazeta.uz интернет сайти орқали "Мактаб автобуслари ўрнига Дамас — бу хавфли эмасми?" номли мақола эълон қилинди. Унда жорий йил сентябр бошида Сурхондарё ва Қашқадарёдаги 100 та мактаб учун алоҳида автобус қатновлари йўлга қўйилгани, лекин Сурхондарёдаги баъзи мактаблар ўқувчилари автобусларда эмас, балки "Дамас"ларда ташилаётганлиги ҳақида сўз борган.
- Ушбу мақолада келтирилган маълумотларнинг айримларига Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Транспорт бошқармаси ва бошқа муассасалар масъуллари томонидан тегишли изоҳлар берилган. Бундан ташқари мақолада келтирилган ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
- Сурхондарё вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 21-февралдаги ПФ–37-сон "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармони 1-иловаси 6-бандига мувофиқ вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим муассасалари учун аутсорсинг асосида бепул автобус ажратиш ва қатновини йўлга қўйиш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
- Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси 2025-йил учун марказлашган харажатлар сметасининг товар ва хизматлар сотиб олиш моддасига 1 миллиард сўм маблағ режалаштирган.
- Шу муносабат билан ҳудуддаги олис ва чекка мактаблар учун автобус хизматини йўлга қўйиш бўйича давлат харидларининг махсус ахборот порталида тегишли эълон жойлаштирилган. Бироқ ушбу хизматни аутсорсинг асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик субектлари томонидан ҳозирча таклифлар келиб тушмаган. Шунга қарамай бу борада ишларни ташкил этиш, муқобил ечимларини қилиш мақсадида қатор мактабларга "Дамас" автомашиналари ажратилган.
- Бу ечим вақтинчалик бўлиб, келгусида хизмат кўрсатувчи корхоналар билан ўқувчиларни автобусларда мактабларга ташиш аутсорсинг хизмати кўрсатиш бўйича шартномалар расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда.
