Сурхондарёда Коррупсияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди
2025-11-04 19:50:00 / Мажлислар

Бугун Жарқўрғон туманида Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупсияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Кенгашнинг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Миллий ва ҳудудий кенгаш аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари, Бош прокуратура, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ёшлар парламенти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда вилоятда коррупсияга қарши курашиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш, соҳаларда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали коррупсиявий хавф-хатарларни камайтириш масалалари атрофлича таҳлил этилди.
Президентимиз раҳбарлигида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида 2 миллиард долларлик инвестицияларни жалб этиш, 425 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш ва экспорт ҳажмини 320 миллион долларга етказиш вазифалари белгиланган. Шу билан бирга, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидланганидек, коррупсиянинг олдини олиш давлат бошқарувида очиқлик, самарадорлик ва жамоатчилик ишончини таъминлайдиган муҳим омил ҳисобланади. Шу боис, вилоятда энергетика, қурилиш ва кадастр соҳаларида мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама этилди.
Ўрганишлар жараёнида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш каби ҳолатлар аниқлангани қайд этилди.
Якунда мутасаддиларга барча соҳаларда коррупсиявий хавф-хатарларни камайтириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, аҳоли мурожаатларига тезкор ва самарали жавоб бериш, маҳаллий кенгашлар фаоллигини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди. Шунингдек, ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашган масъул ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича топшириқлари берилди.









