Ангорда "Тараққиёт ва етакчилик маскани" дастури ижроси ўрганилди
2025-10-28 17:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг тегишли қарори билан "Янги Ўзбекистон қиёфаси" кириб борадиган маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳар бир туман ва шаҳардан иккитадан, жами 30 та маҳаллада ушбу йўналишдаги амалий ишлар йўлга қўйилган.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ўрганишларини Ангор тумани Марказ маҳалласида давом эттириб, дастур доирасида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
Кўчалар ҳолати, йўл ва коммунал тармоқлар инфратузилмаси ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Хусусан, кўчаларни тартибга келтириш, йўлларни таъмирлаш, коммунал хизматлар сифатини ошириш, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа обектларини замонавий кўринишга келтириш ишларини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, дастур доирасида маҳалла ҳудудида шакллантирилган тадбиркорлик лойиҳаларини самарали амалга ошириш ва белгиланган иш ўринларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.






