Сурхондарё вилоятида оғир ҳудуд сифатида танлаб олинган маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2025-03-10 23:55:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифини Ангор туманида давом эттириб, "Наврўз" маҳалласидаги инфратузилмани яхшилаш ишлари билан танишди. Жумладан, Улуғбек кўчасида ички ариқларни бетонлаш жараёни ўрганилди. Ишларни жадаллаштириш ва экин мавсумини ҳисобга олиб, лойиҳани сифатли ва қисқа муддатда якунлаш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Шундан сўнг, Шеробод туманида жойлашган "Катта ҳаёт" маҳалласини ривожлантириш лойиҳалари кўриб чиқилди. Мазкур маҳаллада икки қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун замонавий кўп қаватли турар жой комплекси қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Вилоят раҳбари, шунингдек, маҳаллада жойлашган 3-сонли мактаб шароитлари билан ҳам танишди.
Бундан ташқари, М-39 автомагистралининг туман ҳудудидан ўтган қисмида кўп қаватли уй-жойлар, хизмат кўрсатиш ва савдо комплекслари қурилиши бўйича масъуллар ахбороти тингланди.
Ташриф якунида қурилиш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда давлат дастурлари ижроси муҳокама қилинди. Комплексдаги ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг масъул ўринбосарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, мавжуд камчиликлар, қурилиш жараёнидаги кечикишлар муҳокама қилинди ва келгуси вазифалар белгилаб берилди.








