Ассалому алайкум, мунис ва муҳтарама онахонлар! Қадрли опа-сингиллар!
2025-03-08 11:20:00 / Янгиликлар

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг тутган ўрни беқиёсдир. Ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида ҳаётимизнинг барча соҳаларида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшаётган опа-сингилларимизнинг меҳнати доимо давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда.
Бу йил ҳам 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб бир гуруҳ хотин-қизлар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, шунингдек, “Мўтабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Сурхондарёлик хотин-қизларимиз ҳам бу эътирофдан четда қолмади. Юртимиз тараққиётига ўзининг илмий, маданий, ижтимоий ва иқтисодий фаолияти билан катта ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда. Хусусан, вилоятимиз вакилаларининг тўрт нафари “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медалларига, икки нафар истеъдодли қизимиз “Зулфия” номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Бу юксак эътирофлар Президентимизнинг сиз азизларнинг меҳнати ва изланишларингизга берган катта баҳосидир.
Муҳтарама онахонлар, меҳрибон опа-сингиллар!
Сизларни яна бир бор ушбу гўзал байрам билан муборакбод этиб, ҳаётингиз доимо бахт ва қувончга тўла бўлишини тилайман. Хонадонингиз файзли, оилангиз тинч ва тўкин, орзу-интилишларингиз баракали бўлсин!
Сизларга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва ҳаётий муваффақиятлар тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва мўътабар аёллар!
Улуғбек ҚОСИМОВ,
Сурхондарё вилояти ҳокими
