8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланди.
2025-03-07 22:25:00 / Янгиликлар
Бугун Термиз шаҳридаги "Мумтоз" тантаналар саройида 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Сурхондарё вилоятининг асосий байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, хотин-қизларни самимий муборакбод этди.

Вилоят ҳокими ўз табригида аёлларнинг жамиятда тутган ўрни ва фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларга бўлган эътибор ва ҳурмат давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Тадбирда жамият тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган 17 нафар хотин-қиз "Мўтабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ фидойи аёлларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Пойтахт ва вилоятнинг таниқли санъаткорлари ҳамда бадиий жамоалар ижросидаги консерт дастури иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.









