Сурхондарё вилояти ҳокимининг «Мардлар майдони» халқаро кураш турнири очилишидаги нутқи
2026-11-21 17:25:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар,
Қадрли меҳмонлар, Мард ва жасур полвонлар!
Аввало, сўзимни савол билан бошломоқчиман: Полвоннинг кучини нима билан ўлчаймиз? Билагининг қуввати биланми, рақибини енггани биланми ёки қўлга киритган ғалабалари биланми?
Албатта, буларнинг барчаси муҳим. Аммо халқимиз азалдан полвонга баҳо берганда, унинг кучидан ҳам аввал мардлиги, орияти, ҳалоллиги ва эл-юртга садоқатига баҳо берган.
Чунки кучли бўлиш бошқа, ҳақиқий мард бўлиш бошқа. Куч инсонни ғолиб қилиши мумкин, аммо уни эл назарида улуғлайдиган нарса – бу кучга муносиб ахлоқдир.
Бугун ана шундай фазилатлар қадрланган Алпомишлар юрти – Сурхондарёда миллий курашимизнинг катта байрамига жам бўлдик.
Барчангизни буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган «Мардлар майдони» халқаро кураш турнири билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Қадрли дўстлар!
Сурхон заминида Алпомиш тимсоли фақат енгилмас баҳодирни эмас, балки вафо, садоқат ва ор-номусни ҳам англатади. Миллий курашимиз эса ана шу қадриятларни асрлар давомида авлоддан авлодга етказиб келмоқда.
Мана бу Кураш гиламида - инсоннинг иродаси, сабри, тарбияси ва ҳақиқий феъл-атвори намоён бўлади.
Эътибор беринг, беллашув «Таъзим» билан бошланади, энг юксак ғалаба эса «Ҳалол» деб аталади.
Бу икки сўзнинг ўзида халқимизнинг бутун бир фалсафаси мужассам: рақибга ҳурмат ва ғалабада ҳалоллик.
Ҳурматли полвонлар!
Бугунги турнирнинг Ҳаким Термизий номи билан боғлиқлиги ҳам чуқур маънога эга.
Бундан ўн икки аср муқаддам шу заминда яшаган буюк мутафаккир инсоннинг маънавий камолоти, нафс тарбияси, сабр ва иродаси ҳақида бебаҳо таълимот қолдирган.
У зот қарашларида инсоннинг ўз нафсини тарбиялаши, ғазабини жиловлаши, ўзини бошқара олиши алоҳида ўрин тутади.
Полвон ҳам гиламда фақат рақиби билан эмас, ўз қўрқуви, ҳаяжони ва заифлиги билан курашади.
Рақибини енгган киши мусобақада ғолиб бўлади. Ўзини енга олган инсон эса ҳаётда ҳам ғолиб бўлишга қодир.
Ҳақиқий полвон ғалабада кибрланмайди, мағлубиятда тушкунликка тушмайди. Мардликнинг асл маъноси ҳам шунда.
Азиз юртдошлар!
Бугун миллий курашимиз жаҳон майдонларида эътироф этилмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларида ўзбекча «Кураш», «Ҳалол», «Ёнбош», «Чала» деган сўзлар янграётгани – тилимиз ва миллий қадриятларимизнинг ҳам эътирофидир.
Мазкур турнирда 30 га яқин давлатдан 60 нафардан зиёд полвон, мураббий, ҳакам ва расмий вакиллар иштирок этаётгани ҳам бунинг далилидир.
Айниқса, Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) президенти Зиёвуддин Нуруллаевич Ходжиниязов ҳамда Бош котиб Муҳаммад Реза Носирий жанобларига ташрифлари ва миллий курашимиз ривожига қўшаётган ҳиссалари учун самимий миннатдорлик билдирамиз!
Қадрли спорт ихлосмандлари!
Президентимиз муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом ва иродали этиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июлдаги қарорида 1993 йилдан буён ўтказиб келинаётган Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган турнирнинг халқаро нуфузини ошириш ва брендини яратиш вазифаси белгиланди.
Мамлакатимизда курашни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари дастурига киритиш, шунингдек, 2028 йилга қадар Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Бугун биз миллий курашимизнинг дунёга танилишига муносиб ҳисса қўшган афсонавий полвонларимиз – Ўрол Тўраев, марҳум Эрали Маҳмарасулов, Тоштемир Муҳаммадиев, Рустам Эргашев, Абдулла Тангриев, Махтумқули Маҳмудов, Акобир Қурбонов, Баҳром Авазов ва Самижон Убайдуллаев каби моҳир усталаримизни алоҳида ҳурмат билан тилга оламиз.
Улар бошлаб берган шонли анъаналар бугунги ёш полвонларимизнинг ғалабалари билан муносиб давом этмоқда.
Жумладан, шу йил ноябрда Остонада ўтказилган
XV жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 9 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза — жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Япониянинг Аичи–Нагоя шаҳрида ўтказилган XX ёзги Осиё ўйинларида Шоҳруххон Бахтиёров ва Ибодатхон Агожонова олтин медалларга сазовор бўлди.
Айниқса, Сурхон кураш мактабининг фахри, беш карра жаҳон чемпиони, 2018 ва 2022 йилги Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов, шунингдек, жаҳон чемпионлари Бекмурод Олтибоев, Ҳилола Ортиқбоева ва Покизахон Камолиддинова каби полвонларимиз ёш авлод учун муносиб ибратдир.
Зеро, бизнинг мақсадимиз фақат чемпионларни эмас, чемпионларга хос ирода, интизом, ҳалоллик ва жасоратга эга авлодни тарбиялашдир.
Қадрли спортчилар ва меҳмонлар!
Бугун сизлар турли мамлакатлар номидан майдонга чиқасизлар. Аммо барчангизни бирлаштирадиган умумий қадриятлар бор – мардлик, ҳалоллик ва ўзаро ҳурмат.
Майдонда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлади. Лекин ҳар бирингиз бу мусобақадан янги дўстлар ва яхши таассуротлар билан қайтишингизни истаймиз.
Гиламда рақиб бўлинг, ҳаётда дўст бўлинг!
Барча полвонларга омад, ҳакамларга адолат, мухлисларга унутилмас таассуротлар тилайман!
Бу майдонда кучлилар беллашсин, муносиблар ғолиб бўлсин, мардлик ва ҳалоллик эса ҳамиша тантана қилсин!
Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган «Мардлар майдони» халқаро кураш турнирини очиқ деб эълон қиламан!
Яшасин миллий курашимиз! Яшасин мард ва жасур полвонларимиз! Эътиборингиз учун раҳмат!
