ЎЗБЕКИСТОН ВА АФҒОНИСТОН ЎРТАСИДА САВДО-ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-11-10 17:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш ҳамда транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари Ўзбекистон делегациясининг Афғонистонга ташрифи давомида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация Балх вилояти маркази Мозори-Шариф шаҳрига ташриф буюрди.
Делегация аъзоларини Ҳайратон чегара ўтказиш пунктида Балх вилояти ҳокимининг ўринбосари Нурулҳодий Абу Идрис бошчилигидаги масъуллар кутиб олди.
Ташрифнинг дастлабки манзили шаҳар марказида барпо этилаётган Алишер Навоий ёдгорлиги бўлди. Ғозийлар қалъаси деб номланган марказий кўчада қад ростлаётган мазкур ёдгорлик Ўзбекистон муҳандислари томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, айни пайтда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси Балх вилояти ҳокимлигида Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Атаулло Умарий ҳамда Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Юсуф Вафи билан учрашув ўтказди. Мулоқотда икки мамлакатнинг тегишли идоралари масъуллари ва тадбиркорлари ҳам иштирок этди.
Учрашувда Афғонистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш, шунингдек, мамлакатимиз ҳудуди орқали учинчи давлатларга экспорт қилиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, афғон деҳқонлари етиштираётган ҳўл ва қуруқ меваларни харид қилиш, уларни сақлаш ва ташиш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Бу борада темир йўл ва автомобиль транспорти имкониятларидан самарали фойдаланиш, чегарадаги ўтказиш пунктлари ва божхона хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, юкларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш ҳамда чегара пунктларида 24 соатлик иш режимини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, учрашувда Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш, дарё ўзанининг ўзгариши билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш ва қирғоқбўйи ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур мулоқот икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш ва ўзаро манфаатли савдо алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.









