Хитойда Сурхондарёнинг инвестициявий салоҳияти тақдим этилди
2026-10-20 21:00:00 / Янгиликлар

Бугун, 20 октябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Анҳуй провинцияси маркази — Хэфэй шаҳрида тадбиркор аёллар ассоциацияси ҳамда йирик бизнес вакиллари ҳамкорлигида халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди.
Форумда турли соҳалардаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг инвестиция йўналишига масъул вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлардан иборат вилоят делегацияси иштирок этди.
Форум доирасида вилоят ҳокимлиги котибият мудири Ботир Сафарбуваев Сурхондарёнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, мавжуд имкониятлари ҳамда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар ҳақида тақдимот қилди. Шунингдек, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро бизнес-форумда иштирок этиш Сурхондарёнинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятларини хорижий ишбилармон доираларга кенг таништириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалий босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда Сурхондарё вилояти делегацияси Хитойнинг Анҳуй провинциясида бўлиб турибди.




