Сурхондарёда Хитой компанияси билан тоғ-кон саноати ва туризм соҳаларида инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-10-14 22:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитойнинг Anhui Jinjiu Mining Group компанияси бош директори Сзюй Юньфэн бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда вилоятнинг минерал-хомашё ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, тоғ-кон саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек, меҳмонхона ва туризм хизматлари йўналишларида фаолият юритувчи компания вакиллари Сурхондарёнинг иқтисодий салоҳияти ва мавжуд имкониятларига қизиқиш билдириб, ҳудудга инвестиция киритиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини тақдим этди.
Мулоқот давомида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини таъминлаш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини шакллантириш, янги иш ўринларини яратиш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, лойиҳаларни миллий қонунчилик талаблари ва экологик хавфсизлик меъёрларига риоя этган ҳолда, томонларнинг ўзаро манфаатларини инобатга олиб амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида истиқболли лойиҳалар бўйича таклифларни батафсил ўрганиш, уларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда инвестиция шартларини белгилаш юзасидан кейинги амалий чораларни кўришга келишиб олинди.



