Сурхондарёни Европа бозорлари билан боғловчи янги логистика йўналишлари муҳокама қилинди
2026-10-07 19:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Латвия Транспорт вазирлигининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича вакили Эвия Думпе ҳамда Болтиқбўйи–Марказий Осиё иқтисодий ривожланиш ассоциацияси бошқарув раиси Александр Видякин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мулоқотда Сурхондарёнинг Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги инвестиция лойиҳаларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Термизни Марказий ва Жанубий Осиёни Европa билан боғловчи транспорт-логистика занжирига интеграция қилиш, Латвия портлари ва логистика компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва Европа бозорларига экспорт қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, рақамли иқтисодиёт, “ақлли шаҳар” ечимлари, яшил энергетика, сув тежовчи технологиялар, чиқиндиларни қайта ишлаш каби йўналишларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Европадан сайёҳларни Сурхондарёга жалб қилиш, туроператорлар ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди.
Учрашув якунида томонлар устувор йўналишлар бўйича аниқ қўшма лойиҳаларни шакллантириш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Айни пайтда Латвия делегацияси Термиз халқаро савдо марказининг транспорт-логистика имкониятлари ва экспорт салоҳияти билан танишмоқда.



