Афғонистонда Бурҳониддин Марғиноний меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда
2026-10-06 18:30:00 / Янгиликлар

Шу йилнинг 3–7 октябрь кунлари Афғонистоннинг Кобул шаҳрида “Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Асосий тадбирда аллома бобомиз Бурҳониддин Марғиноний умрини ислом ҳуқуқшунослиги ва фиқҳ қоидаларини пухта тизимга солишга бағишлагани алоҳида эътироф этилди. У зот қаламига мансуб “Бидоят ал-мубтадий” асари, 80 жилддан ортиқ ҳажмда ёзилган, бироқ тугалланмай қолган “Кифоят ал-мунтаҳий” шарҳи ҳамда 13 йил давомида сайқал бериб ёзилган шоҳ асар — “Ал-Ҳидоя”нинг бизгача етиб келгани катта илмий ютуқ экани таъкидланди.
Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро алоқалар ривожланаётгани, хусусан, Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро минбарларда Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни қарор топтириш йўлида илгари сурилаётган ташаббуслар, Балх вилоятида муҳташам Имом ал-Бухорий мадрасасининг барпо этилаётгани каби хайрли ишлар тилга олинди.
📚 Тадбир доирасида Бурҳониддин Марғиноний ҳаёти ва илмий меросига бағишлаб чоп этилган янги китоб конференция иштирокчиларига тақдим этилди.
Меҳмонлар Кобул шаҳридаги “Калимот” илмий-тадқиқот маркази, Кобул миллий музейи ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғи ва мақбарасини зиёрат қилиб, мазкур масканларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.






