“Нефтчи” болалар футбол академиясига ташриф буюрдилар.
2026-10-06 17:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари кенгашининг III йиғилиши доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травников ва Олтой ўлкаси губернатори Виктор Томенко “Нефтчи” болалар футбол академиясига ташриф буюрдилар.
Меҳмонларга академияда ёш футболчиларни тайёрлаш тизими, ўқув-машғулот жараёнлари ҳамда спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Айни пайтда академияда 338 нафар ёш футболчи 23 та гуруҳга бўлинган ҳолда мунтазам машғулотларда иштирок этмоқда.
Ташриф давомида делегация аъзолари академиянинг замонавий спорт инфратузилмаси, турли форматдаги футбол майдонлари ҳамда машғулот базаси билан танишдилар. Шунингдек, футболчиларнинг жисмоний ва спорт кўрсаткичларини мунтазам таҳлил қилишда замонавий, жумладан, Европа технологияларидан фойдаланилаётгани қайд этилди.
Меҳмонлар академияда ёш футболчилар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий машғулот инфратузилмаси ҳамда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ижобий таассуротларини билдирдилар.








