Сурхондарё ва Хитойнинг “Wanlin Group” компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди
2026-10-04 21:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитой Халқ Республикасининг “Wanlin Group Limited” компанияси раҳбари Ли Янтао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатлари икки давлат раҳбарларининг самимий ва дўстона алоқалари туфайли изчил ривожланиб, савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилаётгани таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, Хитой компанияларининг Сурхондарё вилоятидаги инвестиция лойиҳалари ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, логистика ва экспорт занжирларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Учрашув давомида “Wanlin Group Limited” компаниясининг вилоятда амалга оширишни режалаштираётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Хусусан, Термиз туманининг Наврўз маҳалласи ҳудудида 20 гектар майдонда замонавий сув усти маданий-туристик мажмуаси — аквапарк барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, логистика, совутиш инфратузилмаси ва трансчегаравий савдони ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар якунида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва “Wanlin Group Limited” компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида ҳадли битим имзоланди.
Келишув доирасида Хитой компанияси томонидан Сурхондарё вилоятида 20 минг гектар майдонда замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ва сув тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш, юқори ҳосилдор навлар ва элита уруғлар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Ҳалол” стандартлари асосида озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, логистика индустриал паркини ташкил этиш, замонавий совутиш ва сақлаш инфратузилмасини шакллантириш, трансчегаравий савдони ривожлантириш, шунингдек, сув усти маданий-туристик мажмуаси — аквапарк барпо этиш каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.






