Термизда 5 мингдан зиёд иштирокчи оммавий югуриш марафонида қатнашди
2026-09-22 20:00:00 / Янгиликлар

Термиз шаҳрида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларни спортга жалб этиш ҳамда оммавий спортни ривожлантириш мақсадида “Silk Road Uzbekistan”, “Талаба югур” ва “Инсон учун” оммавий югуриш марафонларининг навбатдаги босқичи ўтказилди.
Спорт тадбирида 5 минг нафардан зиёд спортсевар ёшлар, талабалар, ўқувчилар, ҳарбий хизматчилар ҳамда имконияти чекланган фуқаролар иштирок этди.
Марафон давомида иштирокчилар 3 километр масофани босиб ўтиб, белгиланган маррага кўтаринки кайфият ва катта иштиёқ билан етиб келишди.
Тадбир Сурхондарё вилояти спорт бошқармаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, олий таълим муассасалари ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилди.
Мусобақа якунида юқори натижа қайд этган ҳамда фаол иштирок этганлар ташкилий қўмита томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.






