Гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқлари
2026-09-22 19:05:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда гендер тенглиги масаласи жамият тараққиёти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу мақолада гендер тенглигини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда мавжуд ҳуқуқий механизмлар ҳақида сўз юритилади.
Калит сўзлар: гендер тенглиги, хотин-қизлар ҳуқуқлари, қонун, Олий Мажлис, Сенат, Конституция, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар.
Ҳаёт шиддат билан ўзгараётган, жамият жадал тараққий этаётган бир даврда инсонлар ҳам замон билан ҳамнафас бўлишга интилмоқда. Бу, албатта, хотин-қизларга ҳам тегишлидир. Бугунги кунда аёлларнинг фақат уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан шуғулланиши, “ё оила, ё иш” деган қарашларнинг мавжудлиги гендер тенглигига тўсқинлик қилувчи омиллардан биридир.
Жамият тараққиётининг муҳим шартларидан бири — тенгликни таъминлашдир. Айниқса, жамиятда ҳам, оилада ҳам эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, хотин-қизлар айрим ҳолларда ривожланиш жараёнларидан четда қолмоқда. Уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки эса баъзан турли қийинчиликлар, оилавий низолар ва бошқа муаммолар билан кечмоқда.
Мазкур ҳолатларнинг олдини олишда 2019-йил 2-сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қонун хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган. Аёлларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган конституциявий нормаларнинг амалиётда таъминланиши жамиятда тенглик ва адолат тамойилларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Гендер тенглиги нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири, балки тинч, фаровон ва барқарор жамият барпо этишнинг муҳим шартидир. Сўнгги йилларда гендер тенглигини таъминлаш борасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, давлат бошқаруви ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этиши учун имкониятлар кенгайтирилмоқда.
2030-йилгача гендер тенглигига эришиш хотин-қизларнинг ҳуқуқларини чеклаётган камситишнинг асосий сабабларини бартараф этиш, мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш ва тенгликни таъминлашга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни жорий этишни талаб қилади.
Гендер асосидаги зўравонликка барҳам бериш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш борасида мамлакатимизда тегишли қонунчилик базаси шакллантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор халқаро ҳужжатларга қўшилган.
Ўтган йилларда юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан кучайтиришга доир 15 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Шунингдек, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур механизмлар гендер тенглигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини изчил амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича масъул мансабдор шахсларнинг белгиланиши ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган.
Қонун ижодкорлиги жараёнига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш институти жорий этилди. Бу эса қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда гендер тенглиги тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда давлат томонидан хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳамда сайлов жараёнида тенг иштирок этишни таъминлаш кафолатланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон учун Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсади — гендер тенглигини таъминлаш, барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш белгиланган.
Унга кўра, 2030-йилга бориб хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини, шунингдек, етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш кўзда тутилган.
Хулоса
Мамлакатимизда Конституция ва қонунларда белгиланган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда қадр-қимматини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ва амалий тизим шакллантирилган.
Мазкур тизимнинг самарали ишлаши, қонунчиликда белгиланган кафолатларнинг амалда тўлиқ таъминланиши ва гендер тенглиги тамойилларининг жамият ҳаётида янада кенг қарор топиши барчамизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ.
Вилоят маъмурий суди
Н. Рахманова
