Тахиатош Сурхондарё тажрибаси асосида ривожлантирилмоқда
2026-09-18 16:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда бириктирилган ҳудудларга амалий кўмак кўрсатиш тизими йўлга қўйилган.
Шу асосда Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош тумани Сурхондарё вилоятига бириктирилган.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов кеча Тахиатош туманига ташрифи давомида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб, Марказий маҳалласида жойлашган Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Тахиатош металл конструкциялар ва ностандарт жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи фаолияти ўрганилди. Йирик ишлаб чиқариш салоҳиятига эга мазкур корхонада мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани сабабли ҳозирда атиги 10 та иш ўрни яратилган.
Корхона ҳудудидаги иккита йирик комплексдан бирида иккиламчи металлни қайта ишлаш орқали арматура ва металл профиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи кўриб чиқилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилиши, шунингдек, 100 нафардан зиёд тахиатошлик ёшларни доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда.
Вилоят раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, бўш турган майдонларни иқтисодий айланмага киритиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилади.
Шундан сўнг «Сурхон Тахиаташ Текстил» МЧЖ фаолияти билан танишилди. Сурхондарёлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган, умумий қиймати 9,7 миллион доллар бўлган корхонада ҳозирда 200 та иш ўрни яратилган. Жорий йил бошидан буён корхона томонидан Россия Федерациясига 600 минг долларликмаҳсулот экспорт қилинган.
Шунингдек, туманда амалга оширилаётган ва келгусида режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Қайд этилганидек, аввалги йилларда Тахиатош туманида Сурхондарё вилояти тадбиркорлари иштирокида тўқимачилик, иссиқхоначилик ва қурилиш йўналишларида умумий қиймати 11 миллион долларбўлган 8 та лойиҳа ишга туширилган. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 345 та янги иш ўрнияратилган.
Марказий маҳалласида эски барак уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш, шунингдек, аҳоли учун қулай ижтимоий инфратузилмани шакллантиришга қаратилган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, маҳаллада ташкил этилган «Креатив парк»да амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бу ерда «Сангардак» шаршараси макети, концерт ва кинозаллар, маданият уйи ҳамда бошқа маданий-креатив объектларни барпо этиш бўйича лойиҳалар тақдим этилди.
Кун якунида Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Тахиатош туманидаги Ишчи гуруҳи штабида туман ҳокими, мутасаддилар, маҳалла раислари ҳамда туман маҳаллаларига бириктирилган Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманлари ҳокимларининг ўринбосарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда кун давомида ўрганилган масалалар, мавжуд имкониятлар ва аниқланган муаммолар муҳокама қилинди. Ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларнинг ижро муддатлари ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган амалий чора-тадбирлар белгилаб берилди.









