Тароқли маҳалласида янгиланишлар: сифат ва натижага эътибор
2026-09-16 15:30:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳудудларида оғир тоифадаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, Шеробод туманидаги 11 та оғир тоифадаги маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви тармоқларини янгилаш, ҳудудларни ёритиш ва ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, шу вақтга қадар инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган Тароқли маҳалласида кўчалар асфальтланиб, замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилди, пиёдалар йўлаклари барпо этилди ҳамда ичимлик суви тармоқлари тортилди. Натижада маҳалланинг қиёфаси янгиланиб, аҳоли учун янада қулай шароитлар яратилди.
Маҳалладаги янгиланиш ишлари билан танишган вилоят ҳокими ўринбосари Алишер Амиров ва Шеробод тумани ҳокими Усмон Алимов аҳоли билан мулоқот қилди. Самимий суҳбат давомида аҳоли вакиллари яратилаётган шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Маҳаллада аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар ҳам изчил олиб борилмоқда. Хусусан, эҳтиёжманд хотин-қизларга тикув машиналари топширилиб, уларнинг уй шароитида меҳнат қилиб, даромад топиши учун имконият яратилди.
Асосий мақсад — ҳар бир лойиҳани сифатли амалга ошириш ва яратилаётган шароитларни бевосита аҳоли фаровонлигига хизмат қилдириш.





